menyu
Новости

Ўзбекистон Республикаси Президенти 20 июль куни институтимизга ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Ядро физикаси институтига ташриф буюрди.

Бизга маълумки энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш, энергетика соҳасини диверсификация қилиш мақсадида Ўзбекистонда атом энергия станцияси қуришга киришилди.

Юқори технологияларга асосланган бу вазифани амалга ошириш учун замонавий билимларни чуқур эгаллаган мутахассислар талаб этилади.

Шу мақсадда Тошкентда Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш ва ушбу таълим муассасасани айнан институтимиз ҳудудида жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу борадаги лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни жаҳон стандартлари асосида қуриш, энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бир қаторда, Давлатимиз раҳбари Ядро физикаси институти жойлашган Улуғбек шаҳарчасининг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.


«Бу шаҳарча олимлар шаҳарчаси бўлиши керак. Яқин вақтларда бу ерга бошқа илмий-тадқиқот институтларини ҳам кўчирамиз. Олимлар учун, илм-фан ривожи учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шаҳарча ҳудудини кенгайтириб, институтлар учун бинолар, янги уй-жойлар, мактаб ва дам олиш масканлари қуриш, шаҳар маркази билан транспорт қатновини яхшилаш, ер усти метроси олиб келиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар билан мулоқот қилди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, кейинги бир йилда Президентнинг соҳага доир 11 та фармон ва қарорлар қабул қилингани қайд этилди.

Лекин фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция паст даражада қолаётгани, илмий изланишлар етарлича қўллаб-қувватланмаётгани танқид қилинди.
«Ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қаралиши, унинг харидори олдиндан аниқ бўлиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилиши, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маошлари бир неча баробар оширилишини маълум қилди.

Учрашувда кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмалар яратиш ва соҳага татбиқ этиш масалалари тўғрисида фикр алмашилди

Russian