Ҳурматли опа-сингиллар, мухтарам онахонлар! Сизларни баҳор ва нафосат айёми – 8 март байрами билан самимий табриклаймиз. Келгуси ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз, оилангиз тинч, фарзандларингиз соғ, бошингиз омон бўлсин! Байрамингиз муборак бўлсин азиз аёллар!

8 МАРТ
(Меҳрибон онажонларга бағишланади)
(Проф. Хидиров И. )

Улуғ айём эрур бу кун -
Бутун олам қувнади!
Сизни қутлаб, азиз она,
Дўстлар салом йўллади!

Олиб юздан булут парда
Ҳур қуёш ҳам яшнади!
Совға этиб байрам учун
Ерда кўклам бошлади!

Тилакларин ҳур табиат
Шундай этмиш ифода!
Бу совғани хаёлимдан
Олдимикан, мабодо?!

Яшараркан кўҳна замин
Кийиб яшил либосин,
Бинафша-ю чечак, ялпиз -
Ҳадя этур ҳаммасин!

Турли либос кияр осмон -
Сизга ёқмоқ мақсади!
Олқишлайди мушак отиб -
Баъзан чақмоқ чақади.

Эссин илиқ шабадалар
Майин-майин силаб соч!
Сизни куйлаб, тўлиб-тошсин
Вижир-вижир қалдирғоч!

Баҳор сизга бир армуғон,
Гул-чечаклар пояндоз!
Мадҳ этишиб булбуллар ҳам
Куйласинлар дилнавоз!

Қанча совға, қанчалар куй
Бағишласам ҳамон оз!
Мусаффо қалб эгасисиз,
Меҳрибонсиз, қандай соз!