menyu
Новости

Институтнинг илмий ишланмалари

1. Сувни тескари осмотик тозалаш системаси.
Сувни тозалаш системаси тескари осмотик мембрана технологиясига асосланган бўлиб, исталган даражадаги минераллашган ва тузланган сувларни тозалаш ва чучуклаштиришга мўлжалланган. Ишлаб чиқариш қуввати 400 л/соат. Тозаланган сув O’zDST 950:2011 стандартига мос келади.

2. Тезлаштирилган электронлар ёрдамида иссиқлик таъсирида кичраювчи полимер маҳсулотларини радиациявий усулда чоклаш.
Радиациявий ишлов берилиши туфайли кўпгина полимер маҳсулотларининг физика-механикавий хоссалари ўзгаради. Ана шундай хоссаларидан бири полимерларда кўндаланг чок ҳосил бўлиши туфайли, уларда “шакл хотираси эффектини” пайдо бўлишидир. Натижада бу полимер маҳсулотлари иссиқлик таъсирида кичрайиш хусусиятига эга бўлади. Радиациявий чокланган иссиқликдан кичраювчи бу маҳсулотлар мустаҳкам, агрессив муҳитларга чидамли ва ўтказиладиган маҳсулотнинг шаклини олади. Нефть, газ ва сув ўтказгичлар чокларини, кабеллар ва электр ўтказгичлар сиртини герметик қилишнинг ишончли усули ҳисобланади.

3. Қаттиқ қотишмали ва олмос таркибли бурғулаш асбобларининг емирилишга чидамлилик даражасини оширишнинг радиациявий технологияси.
Маълумки, қаттиқ жисмларни гамма нурлари ва электронлар оқими билан нурлантирилиши уларда атомларнинг ионлашиши ва нуқтавий нуқсонларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Натижада бу материалларнинг мустаҳкамлик ва емирилишга чидамлилик хоссалари ошади. Радиациявий технологиянинг қаттиқ қотишмали ва олмос таркибли бурғулаш асбобларига қўлланилиши, уларнинг эксплуатация кўрсатгичларининг ва бурғулаш ишлари самарадорлигининг ошишига олиб келади.

4. Металл ва оксидли кукунларни ультратовуш ёрдамида майдалаш технологияси.
Турли усуллар билан олинган керамиканинг хусусиятларини яхшилаш ва шу билан бирга унинг зирҳга чидамлилигини ошириш учун дастлабки кукунларга ультратовуш ёрдамида ишлов берилади. Ультратовуш суюқ муҳитда зарраларни микродиспергиялашнинг ва майдалашнинг самарали воситасидир. Ультратовуш керамика (30 дан 2 мкмгача), тригидрат алюминий оксиди (150 дан 10 мкмгача), барий сульфат, калций карбонат ва металл оксидлари каби микро ва наноматериалларга ишлов беришга мосдир.

5. Тиббиёт буюмларини (нотўқима- спанбонд материалли жарроҳлик тўпламлари, тиббиёт қўлқоплари, жарроҳлик тикиш иплари ва ҳ.к.) электрон тезлатгич қурилмасида радиациявий усулда зарарсизлантириш (стерилизация қилиш) технологияси.
Тиббиёт буюмларини радиациявий усул билан стериллашда гамма нурларидан ва электрон тезлатгичлар қурилмаларидан фойдаланилади. Радиациявий усулда стериллаш анъанавий (термик, буғли ва кимёвий) усулларга нисбатан бир қанча афзалликларга эга. Радиациявий усулда стерилизация қилишда энергияси 10 МэВ гача бўлган чизиқли электрон тезлатгичидан фойдаланилади. Мазкур параметрларга эга бўлган электронлар дастасининг моддага кириш қобилияти юқори бўлганлиги туфайли тиббиёт маҳсулотларини бевосита истеъмолчи қутисида стерилланади.

6. Компютерлаштирилган ва интерактив таълим комплекси: “Бўлинувчи радиоактив моддалар назорати ва радиациявий хавфсизлиги”.
Олий ҳарбий божхона институти компьютер тармоғига ўрнатилган ва “Бўлинувчи ва радиоактив материалларнинг божхона назорати” ўқув курси бўйича божхона ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш учун мўлжалланган «Бўлинувчи радиоактив моддалар назорати ва радиациявий хавфсизлик» фани бўйича электрон ўқув қўлланма.

7. Гаммарид-192/120М гамма-дефектоскоплари учун капсула кўринишидаги Иридий-192 манбасини ишлаб чиқариш технологияси.
Умумий активлиги 120 Кюри бўлган капсула кўринишидаги Иридий-192 манбаси бўлган «Гаммарид-192/120М» гамма-дефектоскоплари металл қувурларнинг ва қурилиш объектларидаги кавшарлаш чокларининг сифатини назорат қилиш учун қўлланилади.