МАШЪАЛ БЎЛИБ ПОРЛАЙВЕРСИН ИЛМ МАСКАНЛАРИ
(Ўзбекистон ФА Ядро физикаси институтининг 60 йиллигига бағшланади, 2016 йил)


Бебош тарих кўп ҳолларда эрмак излайди.
Аммо бугун бизларга бир ўрнак сўзлайди:
Хоразмий-ю, Беруний-ю Улуғбекларни
Бугун бизнинг орамизда кўрмоқ истайди.

Замон мужмал ва мураккаб бўлсада беҳад,
Узоқ йилда илм қўрғони кўтарди-ю қад.
ЯФИ дея ном қўймишлар ушбу қўрғонга-
Она юртда яшнамоқда илм-у фан, ижод!

Хизматчилар ёки деҳқон, ишчи боласи
Жам бўлмишлар: мафтун этмиш илм масаласи!
Cокин маскан фарзандлари ўйга толмишлар:
Бош қотирма - табиатнинг ҳур фалсафаси !

Кимларнидир қизиқтирар нур шажараси.
Кимларнидир мафтун этган квант манзараси.
Кимдир мудом кристалл ичра сайр айлайди,
Асир этган кристалларнинг зўр панжараси !

Кеча-кундуз қайнар бунда атом қозони !
Бизлар олган изотоплар ютуқ мезони !
Тинчлик учун хизмат қилиш олимлар аҳди -
Гамма нурлар, нейтронларнинг дафдир зиёни!

На шуҳратдир, на ишратдир олим хоҳиши!
Кўплар учун тушинарсиз унинг ташвиши:
Ойлар ўтиб, йиллар ўтиб бораверади,
Игна билан қудуқ қазиш олимнинг иши!

Ер юзида ҳамма одам омад излайди.
Баъзилар бор фақатгина фойда кўзлайди.
Олим эса янгиликни излаб топарда,
Қувонч билан жўшиб-жўшиб нутқ сўзлайди!

Излан, ярат – ижод айла, эй, мағрур касбдош!
Фан йўлида илҳом билан тўлиб-тўлиб тош!
Қанча-қанча кашфиётлар олдинда ҳали,
Табиатга эгилмасин кўр-кўрона бош.

Гарчи ҳаёт кўп мушкулдир, баъзан риёли,
Сен зиёинг мўл сочавер софдил зиёли!
Машъал бўлиб порлайверсин илм масканлари,
Илм нуридан ҳеч қаерни кўрмайлик холи!